Қирғизистон Фаластинда ўз дипломатини тайинлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов Туркиянинг TRT World нашрига берган интервюсида ҳукуматнинг ушбу режалари ҳақида маълум қилди.
Байсалов Қирғизистоннинг халқаро майдондаги гуманитар роли ҳақидаги саволга, жумладан Ғазо можаросида Фаластинни қўллаб-қувватлаш чақириқлари нуқтаи назаридан жавоб берар экан, Қирғизистон Фаластинга ёрдам беришда давом этаётганини ва Фаластинга элчи тайинлаши мумкинлигини таъкидлади.
Бундан аввалроқ, яъни 2023 йил август ойида Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз Ал-Маликий Бишкекка ташриф буюриб, у ерда қирғизистонлик ҳамкасби билан тадбирлар ўтказган эди. Натижада бир қанча келишувлар имзоланиб, Қирғизистонда Фаластин миссиясини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинган эди.