Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Қиммат сотилган дорилар сабабли истеъмолчиларга 7 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди

Қиммат сотилган дорилар сабабли истеъмолчиларга 7 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди

Рақобат қўмитаси мамлакатдаги 878 та дорихонада дори воситаларининг нархи оширилганини аниқлади. Жорий йилда 100 мингдан ортиқ ҳолатда харидорлардан 7 млрд сўмдан зиёд маблағ асоссиз олинган.

Йил бошидан буён 878 та дорихона (295 та улгуржи ва 583 та чакана) томонидан 107 773 та ҳолатда истеъмолчилардан 7 млрд сўмдан зиёд ортиқча тўловлар ундирилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Текширувлар натижаларига кўра, ортиқча тўланган маблағлар истеъмолчиларга қайтарилди, дейилади хабарда.

Жумладан, 405 та дорихонада (162 та улгуржи ва 243 та чакана) дори воситалари нархлари оширилгани сабабли асоссиз равишда олинган 2 млрд сўмга яқин маблағ 58 318 та ҳолатда истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоблаб чиқилиб, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, дори воситалари нархларининг оширилиши юзасидан тўғридан-тўғри фуқаролардан 800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижасида 100 млн сўмга яқин пул маблағ истеъмолчиларга қайтарилган.

2023 йил май ойида Рақобат қўмитаси FAIR Tech ахборот тизимида алоҳида модулни жорий қилганди. «Солиқ» мобил иловаси орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш билан боғлиқ квитанцияларнинг QR кодларини рўйхатдан ўтказишда белгиланган устамалардан ортиқ миқдор аниқланса, тизим автоматик равишда қўмитага билдиришнома юборади. Кейин ортиқча миқдор истеъмолчига қайтарилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси максимал савдо устамаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Улгуржи савдо учун бу харид нархининг 15 фоизидан, чакана савдо учун эса улгуржи нархнинг 20 фоизидан кўп эмас.

Қўмита дорихоналарга нархларни белгилашда амалдаги талабларга риоя қилиш ва ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб бориш зарурлигини эслатди.

Киритилди: Бугун 09:22. Ўқилди: 239 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!