Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Қатар аҳолиси 13,2 фоизга ўсди, чунки Форс кўрфазидаги кичкина араб давлати футбол бўйича келаси ойда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати арафасида мисли кўрилмаган мухлислар оқимини бошқариш учун минглаб хорижлик ишчиларни ёлламоқда, деб хабар беради Рейтер.
Сентябрь ойида тўпланган ва Қатар статистика идораси ўтган ҳафта эълон қилган маълумотларга кўра, ўтган йил давомида 370 мингга яқин одам Қатарга кўчиб ўтганидан кейин мамлакат аҳолиси 2,94 миллионни ташкил этди.
Қатар фуқаролари эса 380 мингга яқин бўлиб, аҳолининг аксарият қисмини кам даромадли меҳнат муҳожирлари ва бошқа хорижликлар ташкил қилади.
Жаҳон чемпионати ташкилотчилари кадрлар етишмаслигига дуч келишмоқда, чунки Қатар энг йирик футбол тадбирида 1,2 миллионга яқин меҳмонни қабул қилишга тайёрланяпти, бу унинг инфратузилмаси, меҳмондўстлиги ва хавфсизлик секторига катта босим бўлиши кутилмоқда.
Accor меҳмонхона оператори мухлислар учун вақтинчалик турар жой вазифасини ўтайдиган квартира ва уйлардаги 65 000 хонага хизмат кўрсатиш учун 12 000 нафар вақтинчалик хорижий ходимларни жалб қилмоқда. Қатар Туркия билан 3000 дан ортиқ махсус хизмат полицияси ходимларини таъминлаш бўйича шартнома тузган ва Покистон ҳам турнир давомида Қатарда қўшин жойлаштиришга рози бўлди.
Қатар тезюрар йўллар, еттита футбол стадиони, меҳмонхоналар ва осмонўпар бинолар қурди, бюджет ҳужжатларига кўра, инфратузилма учун камида 229 миллиард доллар сарфлади. Қатар аҳолисининг ярмига яқини қурилиш соҳасида банд.
Турнирдан кейинги йилларда Халқаро Валюта Жамғармаси тахминига кўра, Қатар аҳолиси йилига 1,2 фоизга камайиб, 2027 йилга бориб 2,5 миллион кишини ташкил этади.