Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 4 ёшли боғча тарбияланувчисини «Афросиёб» тезюрар поезди уриб кетгани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Поезддан олинган видеода бола темирйўлда ўйнаётгани ва поезд босиб кетгани тасвирланган. Ҳолат юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 2022 йил 9 сентябр куни соат Қарши—Мароқанд темирйўл йўналишининг Косон тумани, «Қўнғиртоғ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланаётган «Афросиёб» тезюрар поезди билан содир бўлган.
Поезд босиб кетиши натижасида вафот этган болакай 2020 йил март ойида таваллуд топган. У 4 ёш эмас, эндигина 2 ярим ёшга тўлган.
Бола илк марта 8 сентябрь куни Косон тумани Қўнғиртоғ маҳалласида жойлашган нодавлат боғчага онаси томонидан олиб келинган.
Эртаси куни бола тушликдан ўтгандан кейин боғчадан чиқиб поезд йўл томонга юриб борган.
Поезд йўл тагида ўтиш жойи бўлгани учун бола ва онаси шу жойдан боғчага қатнаган.
Воқеа 9 сентябрь соат 15:33 лар атрофида содир бўлгани, бола тушлик пайтида боғча тарбиячилари томонидан назоратсиз қолдирилгани айтилмоқда.
«Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, қўшимча маълумотлар берилади» дейилади муносабатда.