Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Қашқадарёда икки ёшли қизалоқ эмлашдан сўнг фалаж бўлиб қолди. У нотўғри эмланганмиди?

Қашқадарёда икки ёшли қизалоқ эмлашдан сўнг фалаж бўлиб қолди. У нотўғри эмланганмиди?

Бир қатор манбаларда Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида икки ёшли қизалоқ нотўғри эмланганлиги сабабли фалаж бўлиб қолганлиги тўғрисида хабар берилган эди.

Бу ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинлангани тўғрисида аввал маълум қилган эдик. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан мазкур ҳолат батафсил ўрганилди.

Аниқланишича, Кўкдала тумани Наймансарой маҳалласида яшовчи, 2020 йилда туғилган Ф.С. мазкур маҳалладаги Галабек оилавий шифокор пунктида рўйхатда туради. Республика болалар миллий тиббиёт марказида унга "ўткир бўшашган шол, Гийен-Барре синдроми (?)" ташхиси қўйилган. Мазкур касалликлар келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун эпидемиологик суриштирув ўтказилиб, беморнинг тиббий эмлаш ва ривожланиш карталари ўрганилди.

Галабек оилавий шифокор пунктида 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун 730 доза қизамиқ ва қизилчага қарши вакцина олинган. 700 нафар болада мазкур турдаги эмлашлар ўтказилган. Эмланган болалар бўйича суриштируув олиб борилганида уларнинг ҳеч бирида эмлашдан кейинги ножўя таъсирлар кузатилмаган. Шулар қаторида бемор Ф.С. 2022 йил 23 ноябрь куни шифокор кўригидан кейин шамоллаш белгилари бўлмаганлиги сабабли эмлашга рухсат берилган. Боланинг отасининг сўзларига кўра, эмлашдан сўнг кечаси беморнинг ҳарорати кўтарилган. Аввалига хусусий шифохона, сўнг Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси мутахассиси томонидан берилган тавсиялар асосида уй шароитида даво муолажалари қилинган. Аҳволи яхшиланмагач, Самарқанддаги шифохонада даволаниш давом эттирилган. Ижобий ўзгариш кузатилмаганлиги сабабли республика болалар миллий тиббиёт марказида текширувдан ўтказилиб, юқорида қайд этилган ташхис асосида муолажалар қилинган. Яхши томонга ўзгариш бўлганидан кейин уйига жавоб берилган.

Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вирусология хизмати лабораторияси томонидан 2022 йил 21 декабрда олиб келинган бемор Ф.С.га тегишли материал ўткир бўшашган шол касаллигига текширилганида манфий натижа қайд этилган. Яъни болада бу касалликни келтириб чиқарувчи полиомиелит ва энтеровируслар аниқланмаган.

Ўрганиш хулосаларига кўра, беморда кузатилган касаллик эмлаш асорати эмаслиги аниқланди. Ташхис: "ўтказилган нейроинфекция асорати пастки парапарез". Айни пайтда бола вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олиниб, уй шароитида парваришланмоқда, унда ижобий томонга ўзгариш кузатилмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтиш зарурки, Миллий эмлаш тақвими асосида болалар ўртасида ўтказиладиган 13 турдаги касалликка қарши бепул эмлашлар қаторига кирадиган қизамиқ ва қизилчага қарши вакцинация жараёни давлатимизнинг халқимиз саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрлиги намунасидир. Бу жараённинг аҳамиятини тўғри англаш, уни қадрлаш ва болаларнинг эмланишини таъминлаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.

Киритилди: 17:53 09.01.2023. Ўқилди: 3216 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!