Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида 26 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабар тарқалгач, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий маълумот берди.
Бошқармага кўра, Чироқчи туман Ғаллачи маҳалласида яшаган, 1997 йилда туғилган А.Г. 2023 йил 10 октябр куни соат 06:00 да қариндошлари томонидан туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига олиб келинган.
Аёлда охирги кўрик 2023 йил 13 сентябрда, ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида ўтказилган. Бунда аёлга ётиб даволаниш тавсия қилингани, лекин аёл даволанишга бормагани айтилмоқда.
Қайд этилишича, 10 октябр куни бўлимга келганида аёлнинг умумий аҳволи қониқарли баҳоланган. У шу куни соат 16:10 да вазни 3 400 грамм оғирликдаги ўғил чақалоқни дунёга келтирган.
12 октябр куни эрталаб 5-6 лар оралиғида аёлнинг аҳволи оғирлашиб, қорнида кучли оғриқ пайдо бўлган. Оғриқлар кучайгач, бирлашма хирург врачлари жалб қилинган. Сўнг вилоятдан жарроҳ, акушер-гинеколог ва нефролог чақирилиб, беморда операция ўтказилган.
Операциядан кейин аёлга тегишли муолажалар қилинган. Аммо унинг умумий аҳволи оғирлашган. Қилинган барча муолажаларга қарамай, у 2023 йил 16 октябр куни соат 02:30 да вафот этган, дейилади вилоят ССБ ахборотида.
Қайд этилишича, она ўлими ҳолати бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинган ва бу борада тегишли чоралар белгиланган.
Айни пайтда ҳолат Чироқчи тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.