Қўнғирот туманлараро судининг қарорига асосан қарздор "Т.С. " фермер хўжалигидан АТБ “Агробанк” фойдасига жами 517,7 млн. сўм кредит қарзи ва 40,7 млн. сўм ҳисобланган фоизларни ундириш, ундирувни қарздорга тегишли Honda русумли автомашинага қаратиш белгиланган.
Ушбу суд қарори бўйича чиқарилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қонликўл туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилиб, суд қарорининг ижросини таъминламаслик оқибатлари тушунтирилган.
Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли, кредитга олинган электромобиль бўлим давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олинган ва электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқариб юборилган.