Бир имом бор экан. У доимо намозини хушу билан ўқир, жамоат жуда ҳам яхши кўраркан бу имомни.
Имом кунларнинг бирида жамоат билан пешин намозини ўқиëтган пайтда суннат намозини ўқиб ўнгга салом берганида оқ соқолли қарияга кўзи тушибди.
Чапга салом бериб дарров ўнг томонга қараса, қария йўқ.
Фарз намозда ҳам айни ҳолат. Имом бу ҳолатдан жуда ҳайрон бўлибди.
Пешин намозининг сўнг суннатида ўнгга салом бериб чапга салом беришдан олдин “Амаки, сиз кимсиз? Ўнгга салом берсам кўринасиз, чапга салом бериб ўнгга қарасам йўқ бўлиб қоласиз. Кимсиз сиз?” деб сўрабди қариядан.
- Агар менинг кимлигимни билмоқчи бўлсанг, жамоатни ўзинг билан олиб шаҳарнинг қоронғу кўчаси ва қўрқинчли кўчасидан ўт. Кўчадан ўтганингдан кейин олдингдан яшил эшик чиқади. Эшик пештоқига “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб ëзилган. Эшикни очиб ичкарига кир. Ўшанда менинг кимлигимни биласан, - дебди қария.
Имом дарров жамоатга қараб бўлган воқеани айтиб берибди. “Мен билан борасизларми қария айтган кўчага?” деб сўрабди.
Жамоат рози бўлибди. Аммо қоронғу ва қўрқинчли кўчага келганда имом орқасига қараса, жамоатдан ҳеч ким йўқ. Ҳамма қочиб кетибди.
Имом кўчадан ўтиб яшил эшикни кўрибди. Эшикнинг гўзаллигидан кўзлари қамашибди.
Эшикни очиб ичкарига кирибди. Ичкарида эса масжидда имом кўрган қария.
- Айтганларингизни қилдим. Сиз айтган кўчадан ўтдим, лекин жамоат мени ташлаб қочиб кетди. Энди айтинг, сиз кимсиз?
Қария кулиб дебди:
- Мен Азроилман. Сен пешин намозининг суннатида ўнгга салом берганингда руҳингни хамирдан қил суғургандай олдим, лекин сен буни сезмадинг. Қоронғу кўча бу сенинг тобутинг. Жамоат сени елкасида кўтариб келди ва қўрқинчли кўчага яъни қабрга қўйди. Сенинг имонинг шу даража қувватлики, хушу билан ўқиганинг намозлар ва имомлигинг сени бу ерларгача олиб келди. Бу ер эса жаннат..