Муқаддас динимиз, деган гап менга эриш туюлаверади. Бу гапнинг эришлиги – қабристон, ёдгорликлар, зиёратгоҳлар фонида, ҳамда дўппи кийиб, галстук таққан йигитлар ва бошида рўмоли йўқ ёш қиз бошловчилар тилидан айтилавергани учунми, билмадим.
Муқаддас динимиз, деган ибора ғашимга тегаверади. Бу ғашликнинг сабаби – дин деганда минбарларимизда (масжид минбарларидагина эмас) фақат шукроналик, мусаффо осмон ва терроризм ҳақида маърузалар қилаётганлар мазкур иборани ишлатавергани учунми, билмадим.
Муқаддас динимиз, деган жумла асабимни ўйнайверади. Бу асабийлик сабаби – жумла Исломдан маълум бир таълимотни ажратиб олиб, нафсига ёқмаган қолган қисмини улоқтирган ёки динимизни фақат қалбда бўладиган эътиқод, дея биладиган бир авлод тилида айланаётгани учунми, билмадим.
Динимиз зиёрат эмас, балки ибодат дини. Динимиз фақат террорга қарши кураш эмас, балки инсониятнинг тўла бахтиёрлиги гарови дини. Динимиз бир бутун ва бўлакланмайдиган дин. Уни муқаддас деб эмас, балки ана шуларни англаб, амал қилиб ҳурматланади.
Мубашшир Аҳмад
Manba: azon.uz