Жанубий Корея ҳарбий раҳбарияти душанба куни Шимолий Кореянинг 1000 дан ортиқ аскари Россиянинг Украинага қарши урушига қўшилганидан бери ҳалок бўлган ёки яраланганини маълум қилди.
"Турли ахборот ва разведка манбалари орқали биз яқинда Украина кучлари билан жанг олиб борган Шимолий Корея қўшинлари 1100 га яқин қурбонларга учраган, дея баҳолаймиз," - дейилади Сеул Бирлашган штаб бошлиқлари (JCS) баёнотида.
JCS, шунингдек, Пхенян "аскарларни ротацияга ёки қўшимча жойлаштиришга тайёрланаётганини" айтди.
Ўтган ҳафта Жанубий Корея разведка агентлиги депутатларга август ойида Украина кучлари тўсатдан бостириб кирган Курск вилоятида 100 га яқин одам ҳалок бўлгани, яна 1000 киши яралангани ҳақида хабар берган эди. Ўшандан бери Украина босиб олинган ҳудуднинг катта қисмини йўқотди.
Октябр ойида Миллий разведка хизмати Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун Россияга 12 мингга яқин Шимолий Корея аскари юборилганини айтди.