Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 9 май куни Лвовда Киевга мудофаа учун яна 1 миллиард евро ажратилишини, шунингдек, Украинага қарши тажовуз жинояти бўйича Махсус трибунал ташкил этиш жараёнидаги якуний босқични эълон қилиши ҳақида dw хабар бермоқда.
Каллас бу баёнотни 8 май куни Варшавада Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари норасмий учрашувида берди. У "эртага биз ҳарбий жиноятлар ва тажовузкорлик жиноятлари бўйича трибунал тузишга якуний сиёсий розилик берамиз" деб таъкидлади.
Норасмий равишда "Путин трибунали" деб номланаётган Махсус трибунал лойиҳаси аллақачон тайёр бўлиб, сиёсий маъқуллашни кутмоқда. Халқаро ҳуқуқшуносликда тажовуз жинояти учун жавобгарлик давлатнинг олий раҳбарияти зиммасига юкланади, бу эса халқаро сиёсатда муҳим қадам ҳисобланади.
Бундан ташқари, Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Еврокомиссия 20 майгача Россияга қарши санкцияларнинг 17-пакетини қабул қилмоқчи. Калласнинг аниқлик киритишича, янги санкциялар тафсилотлари ҳали келишилмаган.