Владимир Путин россиялик амалдорлар ва давлат компаниялари раҳбарларини мамлакат ичида ишлаб чиқарилган автомобилларга ўтказиш зарурлигини маълум қилди. "Moscow Times" нашрининг қайд этишича, давлат раҳбари илгари ҳам шундай чақириқлар билан чиққан: 2023, 2012 ва 2008 йилларда.
"Амалдорларни Россия автомобилларига ўтказиш лозим. Дарҳақиқат, шундай кўрсатма берилган. Бироқ, афсуски, мен бу соҳадаги вазиятни кузатиб, мазкур кўрсатма ҳали тўлиқ бажарилмаганини кўряпман," - деди Путин "АвтоВАЗ" ходимлари билан суҳбат чоғида.
У ушбу муаммони ҳал этишга тўсқинлик қилаётган асосий қийинчиклардан бири сифатида автомобилни Россияда ишлаб чиқарилган деб ҳисоблаш мумкин бўлган мезонларни белгилашни кўрсатди. Путиннинг айтишича, ҳозирда мутахассислар маҳаллийлаштириш даражасини баҳолаш тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда, шу билан бирга у ҳам ушбу масала билан шуғулланмоқда ва уни ҳал этиш йўллари ҳақида тасаввурга эга.