Россия президенти Владимир Путин айни дамда Россияда янги сафарбарлик тўлқинини ўтказиш режалаштирилмаётганини маълум қилди.
"Бугунги кунда сафарбарликни талаб қиладиган бундай сценарий йўқ. Сафарбарлик режалари ҳақидаги хабарлар Россия Давлат Думасига сайловлар олдидан қилинган ахборот ҳужуми, шунингдек, махсус уюштирилган кампания", — деди у.
Путиннинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг етарлилиги нуқтаи назаридан Россияда ҳеч қандай муаммо йўқ.
Россияда Давлат Думаси сайловларидан сўнг янги сафарбарлик тўлқини ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сўнгги бир неча ой ичида мунтазам равишда пайдо бўлмоқда. Бу ҳақда, хусусан, “Медуза” манбалари, Ғарб оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда. Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳукумати кузда 300 минг нафаргача одамни сафарбар қилишни режалаштираётганини айтганди.
Москва янги сафарбарлик ҳақидаги режаларни инкор этмоқда. Россия расмийлари 2022 йил сентябр ойида “қисман сафарбарлик” эълон қилинишидан олдин ҳам худди шундай ҳаракат қилишган эди. 2022 йилги сафарбарлик расман ҳали ҳам якунланмаган.