Биринчи рус-араб саммити 15-октябр куни бўлиб ўтади, дея маълум қилди президент Владимир Путин. Бу унинг Араб давлатлари лигаси 34-саммити иштирокчиларига табригида айтилган.
“Ассоциациянгизнинг барча давлатлари раҳбарларини, шунингдек, лига бош котибини биз 15-октябрда ўтказишни режалаштирган биринчи Россия-араб саммитида иштирок этишга таклиф қилмоқчиман”, — деди Путин.
Унинг таъкидлашича, ушбу тадбир араб давлатлари ва Россия ўртасидаги "ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади" ва "Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлларини топишга ёрдам беради".
Араб Лигаси 1945 йилда Миср, Ироқ, Ливан, Саудия Арабистони, Сурия, Иордания ва Яман ташаббуси билан тузилган. Ҳозирда лигада 22 та давлат иштирок этмоқда.