Бугун 25 октябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Президентимиз таклифлари минтақамиз манфаатларига дахлдорлиги билан аҳамиятлидир

Президентимиз таклифлари минтақамиз манфаатларига дахлдорлиги билан аҳамиятлидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Президентимизнинг 3-4 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашуви ҳамда 5-6 июль кунлари Шуша шаҳридаги Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш» мавзусидаги норасмий саммитидаги иштироки ва унда илгари сурилган таклифлар моҳияти хусусида тўхталиб ўтди:

– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашувда Президентимиз томонидан билдирилган қатор ташаббус ва таклифлар нафақат мамлакатимиз ҳаёти, балки умумминтақа ривожига дахлдорлиги билан аҳамиятлидир. Бу халқаро доира вакиллари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббусини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташкилот доирасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини қабул қилиш тўғрисидаги таклифлари парламент вакиллари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Иқтисодий йўналишда стратегик юксалишга эришиш учун ташкилот доирасида савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битимни, амалдаги рақамли савдо платформаларини интеграция қилган ҳолда электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, логистика тартиб-таомилларини рақамлаштириш, жумладан, ШҲТ мамлакатлари чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини ташкил этиш режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, Президентимизнинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки ва таклифлари ҳам минтақамиз манфаатларига дахлдорлиги билан аҳамиятлидир, – деди Спикер.

Киритилди: 13:00 09.07.2024. Ўқилди: 692 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!