Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.
“Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир”, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Таъкидланишича, бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, балки давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони ҳисобланади.
“Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади. Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар ҳақида келишиб оламиз”, – деди президент.