Бугун 20 октябрь, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Президент Қўқон ва Марғилонни ҳар томонлама янгилашда уч йўналиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади

Президент Қўқон ва Марғилонни ҳар томонлама янгилашда уч йўналиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни хорижий мамлакатлар билан эришилган келишувлар ижроси, янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аввал Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларининг ижроси кўриб чиқилди. Жорий йил март ойида давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга расмий ташрифи жуда самарали бўлган, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича апрель ойида “йўл харитаси” ишлаб чиқилганди.

Ундан кўплаб истиқболли лойиҳалар ўрин олган. 300 миллион доллар эвазига Самарқанд шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш, Навоий вилоятида 200 миллион долларлик шамол ва 150 миллион долларлик қуёш электр станциялари қуриш, 203 миллион доллар эвазига Сирдарё вилоятида целлюлоза, омухта ем ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи агросаноат кластери ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Мутасаддилар инвестиция ўзлаштирилиши бошланган лойиҳалар ижросининг бориши бўйича ҳисобот берди. Шунингдек, нефть-газ, кимё, энергетика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари бу борадаги ишларнинг, қурилажак завод ва корхоналарнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиб, уларни тез ва пухта амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар бўйича музокараларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Йиғилишда жорий йил январь-сентябрь ойларида экспорт ва инвестиция прогноз кўрсаткичларининг ижроси ҳолати ҳамда йил якуни бўйича ушбу йўналишларда амалга оширилиши зарур бўлган чоралар ҳам кўриб чиқилди. Тўққиз ойликда экспорт ҳажми қарийб 10 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, режа ошиғи билан бажарилган. Экспорт номенклатураси 74 та янги турдаги маҳсулот, географияси 42 мамлакатга кенгайди. Ўсиш суръати асосан мева-сабзавотчилик, тўқимачилик, автомобилсозлик, энергетика тармоқлари ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, айрим ташкилот ва ҳудудларда режалаштирилган прогноз бажарилмагани кўрсатиб ўтилди. Йил якунига қадар бу борадаги қолоқликни бартараф этиш, барча тармоқлар ва ҳудудлар бўйича экспорт прогнозини бажариш юзасидан топшириқлар берди.

Йиғилишда Қўқон ва Марғилон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам муҳокама қилинди. Дастурга мувофиқ, Қўқон шаҳрида умумий қиймати 420 миллион долларлик 250 та, Марғилон шаҳрида 192 миллион долларлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Ажратилаётган инвестициялар ушбу шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш ва янги турар жойлар қуришга йўналтирилади.

Президент мазкур уч йўналиш Қўқон ва Марғилонни ҳар томонлама янгилаш, одамлар ҳаёт сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тошкент шаҳрида ўтказилган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлари кенгаши ва бизнес-форум якунларига ҳам эътибор қаратилди.

Аввал берилган топшириқлар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Киритилди: 05:57 09.10.2019. Ўқилди: 500 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!