Президент 2017-2021 йилларда Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси ҳамда жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган, давлат ва жамоат арбоби, олим ва педагог, марҳум Рустам Қосимовни «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотлашга доир фармонни имзолади.
Ҳужжатда марҳум маслаҳатчи «мамлакатимиз мустақиллигини ва унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ўзининг катта билим ва салоҳияти, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатлари билан юртимизда соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, дипломатия, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлашга қўшган улкан ҳиссаси, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтириш, миллий ва умумбашарий қадриятларни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлида кўрсатган жонбозлиги ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан» тақдирлангани айтилади.
Рустам Қосимов 2021 йил май ойида 65 ёшида вафот этган эди.
У 2001-2004 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, 2004-2008 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири - 2004-2009 йилларда бош вазирнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият масалалари бўйича ўринбосари бўлган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида ишлаган, 2011 йилда лавозимни тарк этиб, пенсияга чиққан.
У 2016 йил сентябрида яна бош вазир ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимини эгаллаган.
2017 йил июнида Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланган (шу кунгача академия ректори эди), 2017 йил ноябрь ойи охирида эса Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган. 2018 йилда президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган. У 2019 йилдан буён Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ҳам ректорлик қилиб келаётганди.