Бугун 26 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Президент мамлакат ривожининг экологик устувор йўналишларини белгилаб берди

Президент мамлакат ривожининг экологик устувор йўналишларини белгилаб берди

Бугун, 26-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома билан чиқди. Давлат раҳбари ўз нутқида мамлакат ривожининг бешинчи устувор йўналиши — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига батафсил тўхталди.

Саноатни модернизация қилиш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш

Президент атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида йирик корхоналар учун 100 миллион АҚШ долларлик кредит линияси очилишини маълум қилди. Ушбу маблағлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш учун фильтрлар, тозалаш иншоотлари ва чиқиндиларни мониторинг қилиш станцияларини ўрнатишга йўналтирилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги иссиқхона хўжаликлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳудудларда кўмир ва газда ишлайдиган қарийб 2 мингта иссиқхона мавжудлиги таъкидланди. Фильтрсиз кўмир ёқиладиган қозонхоналардан босқичма-босқич воз кечиш режалаштирилган. Бундай объектлар пойтахт ташқарисига кўчирилади, иссиқлик таъминоти эса марказлашган қозонхоналар орқали ташкил этилади. Шу мақсадда камида 200 гектар майдонга эга агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтмоқчи бўлган иссиқхоналарга алоҳида субсидиялар ажратилади.

Экологик тоза транспортни ривожлантириш

Мурожаатномада автотранспорт воситалари учун экологик стикерлар бериш тизимини жорий этиш эълон қилинди. Қайд этилишича, шаҳар тирбандликлари нафақат аҳолининг кундалик ҳаётини қийинлаштиради, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказади. Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, автомобиллар зарарли чиқиндилар даражасига кўра таснифланади ва уларга мос экологик стикерлар берилади. Атроф-муҳитга юқори зарар етказувчи транспорт воситаларининг пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларга кириши чекланади.

Бундай автомобиллар эгалари учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. Хусусан, эски транспорт воситасини янгисига алмаштиришда автокредит фоиз ставкасининг бир қисми компенсация қилинади. Шунингдек, чиқиндилар ҳажмини камайтириш учун фильтрлар ўрнатишга тайёр бўлган ҳайдовчиларга харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилади.

Тошкент ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Автобус ва таксилар учун ажратилган махсус йўлаклар тармоғи кенгайтирилади, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида эса интеллектуал светофорлар асосидаги ҳаракатни бошқариш тизими жорий этилади.

Мурожаатноманинг алоҳида қисми электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантиришга бағишланди. Экологик тоза транспорт воситалари сонини оширишга қаратилган беш йиллик дастур амалга оширилади. Дастур доирасида маҳаллий электромобиллар учун автокредитлар 12 фоиз, импорт электромобиллар учун эса 16 фоиз ставкада тақдим этилади. Зарядлаш станцияларини ташкил этаётган тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, шунингдек, ер участкаларини аукционларда бозор нархидан икки баравар арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Электромобилларни қувватлашда 1 киловатт-соат учун 300 сўмдан ошган электр энергияси харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Электромобилларда такси хизматини кўрсатаётган фуқаролар учун ҳам қўшимча имтиёзлар белгиланган.

Яшил ҳудудларни кенгайтириш

Чанг-тўзонларининг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда “яшил макон” ҳудуди барпо этилади, Сирдарё вилоятида эса 84 километр узунликдаги “яшил девор” ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, шунингдек, камида 20 та соя-салқин сайр йўлаклари барпо этилиши режалаштирилган.

Киритилди: Бугун 16:23. Ўқилди: 235 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!