збекистонда бир гуруҳ раҳбар лавозимли шахслар хизмат вазифасини суистеъмол қилганлик, порахўрлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланиб, қамоққа олинди. Агар тартибга амал қиладиган бўлсак, яқинда хабарларимиздан бирида тилга олинган «Ўздонмаҳсулот» раҳбари Сурат Ҳайдаров ҳам ўша қўлга олинганлар орасида бор. У куёви Жамшид Шарипов билан биргаликда порахўрлик, яширин йўллар билан пул ундириш, халқ мулкини талон-тарож қилишда айбланмоқда. У қариндошларини компаниядаги яхши пул топса бўладиган лавозимларга ишга жойлаб ташлаган. Порахўрликнинг яширин усулларини ўйлаб топиб, шу йўл билан чўнтагини қаппайтириб келган.
Жиноятчи раҳбарларнинг яна бир гуруҳи Самарқандда қўлга олинди. Бу гуруҳни Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошқарган. Эслатиб ўтамиз, Жўраев 2017 йил июнидан бери Самарқанд вилоят ҳокими сифатида фаолият юритиб келган.
У ҳам порахўрликнинг вертикал усулларидан бирини ўйлаб топиб, шунинг натижасида қўшимча бойлик орттириб келган. Тергов жараёнида Жўраев ўз айбини инкор этмади.
Бу жиноятларни содир этишда Самарқанд вилоят ҳокимининг саноат тараққиёти, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик ишлари бўйича собиқ ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш бўйича етакчи мутахассис Баҳодир Хўжақулов ва ҳоким ёрдамчиси Ботир Хўжақуловлар ҳам фаол иштирок этган.
— Самарқанд вилоят ҳокимиятида, — дейилади шу масалада эълон қилинган хабарларнинг бирида. — Кўп қаватли уйлар қурилиши, ер участкаларини қурилиш қилиш мақсадларида тадбиркорларга тақсимланиши ва яна бир қатор шу каби амаллар катта миқдордаги пора беришсиз ҳақиқатга айланмаган. Яъни, вилоят ҳокими тадбиркорлардан шулар эвазига пора олгачгина, рухсат берган, аризаларга имзосини қўйган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йили 6 ой ичида жами 867 нафар юқори лавозимли шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шуларнинг 56 нафари порахўрликда айбланган.