Покистон БМТдаги доимий вакили Асим Ифтихар Ахмад сўнгги воқеалар фонида мамлакат ҳеч қандай кескинлашувни хоҳламаётганини, бироқ ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга тўлиқ тайёр эканини баён этди. У бу ҳақда Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида журналистлар учун ташкил этилган брифингда маълум қилди.
> "Таъкидлайман: Покистон кескинлашувга интилмаяпти. Бу барча даражалардаги сиёсий раҳбариятимизнинг аниқ позициясидир. Бироқ биз ўз суверенитетимизни ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз", — деди дипломат, Ҳиндистон билан юзага келган таранглик ҳақида гапирар экан.
Ахмад, шунингдек, Покистон вазият ривожини диққат билан кузатаётганини ва зарурат туғилганда БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши чақирилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.
Мазкур баёнот 22 апрель куни Жамму ва Кашмирдаги машҳур Пахалгам сайёҳлик шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми ортидан янгради. Ушбу ҳужумда 25 нафар ҳинд фуқароси ва 1 нафар непаллик ҳалок бўлган. Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларига кўра, мазкур ҳужумни амалга оширган "Лашкар-э-Тайба" (Россияда тақиқланган) гуруҳининг ортида Покистоннинг Мудофаа разведка хизмати тургани ҳақида далиллар топилган.
Натижада Ҳиндистон Исламабаддаги элчихонаси ходимлар сонини ярмига қисқартирди, икки томонлама сув захираларини тақсимлаш бўйича келишувни тўхтатди, Покистон фуқароларига визалар берилишини чеклади ва Покистоннинг ҳарбий маслаҳатчиларини персона нон грата деб эълон қилди.
Шу пайтда, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди сешанба куни хавфсизлик бўйича юқори даражали йиғилиш ўтказди. Манбаларга кўра, у мазкур йиғилишда Ҳиндистон қуролли кучларига террорчилик ҳужумига жавоб қайтариш усули, объекти ва вақтини белгилашда тўлиқ эркинлик берилганини маълум қилган.