Reuters агентлигининг хабар беришича, Покистоннинг Карачи шаҳрида жойлашган Малир қамоқхонасидан камида 216 маҳкум зилзила сабабли эвакуация пайтида қочиб кетган.
«Бу вақтда 600 дан ортиқ киши камералардан ташқарида эди. Хаос туфайли улардан 216 нафари бош дарвоза орқали қочишга муваффақ бўлди», — деди қамоқхона бошлиғи Аршад Шоҳ.
Унга кўра, ҳозиргача 80 га яқин маҳкум қайта қўлга олинди, қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда.
Синд вилояти ички ишлар вазири Зия ул-Ҳасан Ланжарнинг айтишича, бу сўнгги йилларда мамлакат қамоқхоналарида содир бўлган энг йирик қочиш ҳолатидир. Вазир барча қочқинлар шахсини аниқлашганини, уларнинг қариндошлари яшайдиган ҳудудларда рейдлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Geo News маълумотига кўра, ҳодиса пайтида чегара хизматидаги уч нафар ходим ва бир нафар қамоқхона ходими яраланган, бир маҳкум эса ҳалок бўлган.
Қамоқхона маъмурияти ҳодиса содир бўлган пайтда муассасада жами 6022 нафар маҳкум сақланаётганини билдирди.