Россия президенти Владимир Путин унинг мамлакати ҳарбий харажатлар учун кўп маблағ сарфлаётганини тан олиб, мудофаа бюджети қисқартирилишини айтган. Бу ҳақда The Telegraph хабар бермоқда.
Владимир Путиннинг ўз чиқишида айтишича, Россия “кейинги йил ва ундан кейинги йил, яъни келгуси уч йиллик даврда” ҳарбий харажатларини камайтира бошлайди. Кремль раҳбари ҳозирда бу мақсад учун 13,5 триллион рубль (172 миллиард АҚШ доллари) сарфланаётганини айтиб, мазкур кўрсаткич ЯИМнинг 6,3 фоизига тўғри келишини маълум қилди.
Путиннинг ушбу баёноти Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг ўтган ҳафтадаги огоҳлантиришидан сўнг янгради. У мамлакат “рецессия ёқасида” турганини ва бу иқтисодий ўсишнинг сезиларли даражада секинлашувига олиб келиши мумкинлигини билдирган эди.
Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина ҳам уруш даврида иқтисодий ўсишни мудофаа саноати харажатлари таъминлагани, ҳозир эса мазкур омил ўз кучини йўқотаётганини таъкидлаганди.
“Биз икки йил давомида анча юқори суръатларда ўсдик, чунки эркин ресурслар ишга туширилди. Энди шуни тушуниш керакки, бу ресурсларнинг кўпи аслида тугаган”, – деди Набиуллина.
The Telegraph нашрининг ёзишича, Россия иқтисодиёти 2024 йилда 4,3 фоизга ўсган. Аммо инфляцияни жиловлаш учун октябрдан буён фоиз ставкалари 21 фоиз даражасида ушлаб турилган. Жорий ойда мазкур кўрсаткич 20 фоизгача туширилган, чунки инфляцион босим бироз камайган.
Қолаверса, мамлакат ишчи кучи танқислигига ҳам дуч келмоқда. Шу боис иш ҳақи ўсиши сўнгги 16 йилдаги энг юқори даражага етди. Бунга меҳнатга лаёқатли инсонларнинг мудофаа саноати ва армияга жалб этилиши сабаб бўлган.