Покистон Афғонистон билан чегара бўйлаб ҳаво зарбалари уюштирди. Бу ҳужумлар минтақада бир неча ой давом этган нисбий тинчликдан кейин содир бўлди.
Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарарнинг маълум қилишича, “аниқ нишонларга қаратилган” операция давомида тўртта объект йўқ қилинган ва 26 нафар жангари ўлдирилган.
Унинг айтишича, зарбалар Покистон ҳудудида яқинда содир этилган террорчилик ҳужумларига жавоб сифатида амалга оширилган. Ҳужумлар чегара ҳудудидаги жангариларнинг эҳтимолий бошпаналари, жумладан, тайёргарлик маркази ва ўқ-дори омборига қаратилган.
“Покистон минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш тарафдори. Бироқ мамлакат фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимояси бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади”, деди Тарар.
Шу билан бирга, Афғонистондаги Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид зарбалар Кунар, Хост ва Пактика ҳудудларига берилганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар оқибатида 11 нафар бола, бир нафар аёл ва бир нафар кекса эркак ҳалок бўлган.
Покистон узоқ йиллардан бери Афғонистонни ўз ҳудудига ҳужум уюштирувчи жангариларга бошпана беришда айблаб келади. Толибон ҳукумати эса бу айбловларни рад этиб, Афғонистон ҳудуди бошқа давлатлар хавфсизлигига таҳдид солиш учун ишлатилмаслигини таъкидлаб келмоқда.