Перу президенти Дина Болуарте умумхалқ сайлови 2026 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтишини маълум қилди, деб хабар беради Аnadolu агентлиги.
Давлат раҳбари ўзининг телемурожаатида бўлажак сайлов “демократик, адолатли ва шаффоф” ўтиши ҳамда мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳам ҳисса қўшишини таъкидлади.
Аввалроқ, 18 март куни Перу ҳукумати уюшган жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида Лима пойтахт ҳудуди ва Кальяо провинциясида 30 кун муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилишини маълум қилган эди.
Президент Болуарте аввалги мурожаатларида мамлакатдаги жиноий гуруҳларнинг ҳаракатларини кескин қоралаган эди.
— Мен қотиллар учун ўлим жазосини жорий этиш имкониятини жиддий кўриб чиқа бошладим. Ҳеч бир ўғри ёки ёлланма қотил ўз фарзандларини севадиган оилалар қонини тўкмайди, — деди президент.
Ўлимларни рўйхатга олиш миллий ахборот тизими (Sistema Informático Nacional de Defunciones) маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки уч ойида Перуда 459 та қотиллик қайд этилган.