Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларига етса, ўзига кафан тайёрлаб қўйсин".
Баъзи уламолар етмиш етти ёшга ҳам киришган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ улар сафидандир.
Кимки пайғамбар алайҳиссаломнинг ёшига етса, билсинки, у қабрнинг олдига келиб қолибди. Дарҳақиқат, ўтган ҳар бир кун ғаниматдир.
"Сайдул хотир".
Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ.
Ўтган ҳар кунимиз ўлим сари ўтган бир кунимиздир. Ёш улуғлагач, ўлим тайёргарлиги янада кучайиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларига етиш, ошиб яшашнинг ўзи улкан бахт.
Кимгаки бу насиб этса, номақбул амаллардан тийилиши, охират тадоригини янада кучайтириши лозим.
Таажжубки, ёшлари улғайиб қолса-да, ҳаром-ҳариш, маст-аласт юриб, беҳаё сўзлайдиган, қўполфеъллик кишилар ҳам оз эмас.
Билмайдики, қариликнинг ўзи ўлим даракчиси. Тушунмайдики, эшик тақиллаб, ортида ҳеч кимга қулоқ солмай иш бажарувчилар турибди. Англамайдики, ҳаёт омонат, руҳ омонат. Мушоҳада ила назар солмайдики, тенгдошларининг кўпчилиги" ёғоч от"га миниб, сўнгги сафарга кетиб бўлишди.
Навбат уники, сеники, меники ва бизникидир. Ўлим ёш ёки қари деб танлаб ўтирмайди. Яхшилик ила, яхши феъл ила яшашга ўрганайлик.
Суннатуллоҳ Абдулбосит