Бугун 29 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Пахта етиштиришда тежамкор технология: Хоразмда янги усул синовдан ўтказилди

Пахта етиштиришда тежамкор технология: Хоразмда янги усул синовдан ўтказилди


Жорий йилнинг 23-сентябрь санасида Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги «Барака Болтимур» фермер хўжалигида пахта етиштиришда регенератив қишлоқ хўжалиги ва ерга камайтирилган ишлов бериш технологияларига бағишланган Дала куни ўтказилди.

Тадбир Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» — ФОЛУР-Ўзбекистон лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО ҳамкорлигида амалга оширилди.

Тадбирда фермерлар, соҳа мутахассислари, лойиҳа ҳамкорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тупроққа механик ишловни камайтириш, сув ва минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тажрибалар билан танишди.

Регенератив қишлоқ хўжалиги тупроқнинг соғломлиги ва унумдорлигини сақлаш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган ёндашув ҳисобланади. Унда ерга ишловни камайтириш, ўсимлик қолдиқларини далада сақлаш, экинларни диверсификация қилиш, ўғитларни таҳлил асосида қўллаш ва сувни оқилона бошқариш каби усуллардан фойдаланилади.

«Барака Болтимур» фермер хўжалигининг 30 гектарлик намойиш майдонида анъанавий ва камайтирилган ишлов усуллари таққосланди. Натижада камайтирилган ишлов бериш вариантида баҳорги икки марта чизеллашдан воз кечилган, бороналаш ва молалаш уч мартадан бир мартага, суғоришлар эса беш мартадан уч мартага қисқартирилган.

Ўғитлашда ҳам фарқ кузатилган. Анъанавий усулда бир гектарга 300 килограмм аммофос берилган бўлса, тажриба майдонида бу кўрсаткич 100 килограммни ташкил этган. Аммиакли селитра, аммоний сульфат ва калий хлор меъёрлари ўзгартирилмаган. Суспензия билан ишлов бериш сони ҳам беш мартадан уч мартага камайтирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камайтирилган ишлов технологияси бир гектар ҳисобида 35 литр ёқилғи ва 200 килограмм аммофосни тежаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини 4,07 миллион сўмгача камайтириш имконини берган.

Айни пайтдаги дала ҳолатидан келиб чиқиб, тажриба майдонида гектарига 55–60 центнер ҳосил олиниши кутилмоқда. Бу прогноз кўрсаткичи бўлиб, якуний натижа пахта тўлиқ йиғиб олинганидан кейин аниқланади.

Лойиҳа доирасида фермер хўжалигида Бразилиядан олиб келинган тўғридан-тўғри экишга мўлжалланган махсус сеялкадан ҳам фойдаланилмоқда. Уруғни белгиланган чуқурлик ва масофада аниқ жойлаштириш билан бирга, фосфорли ўғитни даланинг бутун юзасига сочмасдан, уруғ ва келажакдаги илдиз зонасига яқин жойлаштириш имконини беради. Бу бир текис кўчат олиш ва ўғитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун шароит яратади.

Фермер хўжалиги раҳбари Тўробой Ражабовнинг айтишича, технология аввал 80 гектар майдонда синовдан ўтказилган. Ижобий натижалардан сўнг жорий йилда уни 200 гектар майдонда қўллаш йўлга қўйилган. Унинг таъкидлашича, ерга ишлов бериш операцияларининг камайиши техника, ёқилғи ва меҳнат харажатларини қисқартириш имконини берган.

ФОЛУР-Ўзбекистон лойиҳаси доирасида Хоразмдаги тажриба билан бир қаторда Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда ҳам табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва экотизимларни тиклашга қаратилган ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Қашқадарёнинг Қамаши туманида қияликларга мос равишда ёмғир сувларини йиғиш технологиялари — террасалар, хандақлар, сув оқимини ушловчи полосалар ва ярим ой шаклидаги тўсиқлар синовдан ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳудудга мос писта, бодом, тут, қайрағоч, жузғун ва саксовул каби дарахт ва буталар экилмоқда.

Шаҳрисабз туманининг Сарчашма қишлоғида эса қишки булоқ сувларини табиий совуқ ҳарорат ёрдамида муз шаклида сақлаш технологияси синовдан ўтказилди. Тўртта устун орқали 1600 куб метр муз ҳосил қилинган бўлиб, унинг эриши натижасида тахминан 1000 куб метр фойдали сув олиш имкони яратилган.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой ва Нукус туманларида буғдой, арпа, тритикале, жавдар, мош, нўхат ва маккажўхорининг турли навлари синовдан ўтказилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, нўхат шолига муқобил экин сифатида қўлланиши мумкинлиги ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, Қораўзак, Беруний ва Қамаши туманларида маҳаллий ҳамжамиятлар иштирокида кўчатхоналар ташкил этиш, ҳудудга мос дарахт ва ўсимлик турларини кўпайтириш ҳамда деградацияга учраган экотизимларни тиклашга қаратилган ишлар режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида ер деградацияси хавфи, ер қоплами, ўсимликлар ҳолати, қиялик ва тупроқ шўрланиши бўйича географик ахборот тизимлари асосида таҳлиллар ҳам амалга оширилган. 25 дан ортиқ маълумотлар тўплами бирлаштирилиб, 40 дан зиёд харита ва таҳлилий маҳсулот тайёрланган.

Хоразм миллий табиат боғининг 1,5 гектар майдонида беда, буғдой ва рапс аралашмаси, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида эса 3 гектар майдонда Бухоро буғуси ва бошқа ёввойи ҳайвонлар учун озуқа базасини яратиш мақсадида беда ва буғдой экилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади — тупроқ соғлигини сақлаган ҳолда сув, ёқилғи, уруғлик ва минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, деградация жараёнларини камайтириш ва қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқариш амалиётларини кенгайтириш имкониятларини дала шароитида баҳолашдан иборат.

Киритилди: 16:49 25.09.2026. Ўқилди: 840 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!