Бугун 14 апрель, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Патрушев: Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндия Украина дронлари ҳужумларида иштирок этмоқда

Патрушев: Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндия Украина дронлари ҳужумларида иштирок этмоқда

Россия президентининг ёрдамчиси Николай Патрушев Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Финляндияни Украинага тегишли учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) учун ўз ҳаво ҳудудини тақдим этишда айблади. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат Россия ҳудудига, хусусан, Ленинград вилоятидаги портлар ва денгиз инфратузилмасига зарбалар берилишига имкон яратмоқда.

Патрушевнинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар НАТОга аъзо давлатларнинг Россияга қарши ҳужумларда “бевосита иштироки” сифатида баҳоланади ва бу “муайян оқибатларга” олиб келиши мумкин. У, шунингдек, Украина шимолидан Ленинград вилоятигача бўлган масофа 1400 километрдан ошишини айтиб, бундай парвозлар тегишли давлатларнинг розилигисиз амалга оширилиши қийинлигини қайд этди.

Далил сифатида у Эстония аҳолиси дронлар ҳақида SMS огоҳлантиришлари олаётганини ҳамда Финляндия ҳудудида украин дронлари қолдиқлари топилаётганини келтирди. Шунингдек, унинг айтишича, Финляндия Украинадан зарбаларни тўхтатишни талаб қилмаслигини билдирган.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиб, Болтиқбўйи давлатларини Украинага ўз осмонидан фойдаланишга йўл қўймасликка чақирган эди.

Бироқ Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирлари бу айбловларни қатъиян рад этди. Улар 10 апрель куни эълон қилган қўшма баёнотда ҳеч қачон Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаганини таъкидлади. Дипломатларга кўра, бу позиция аввалроқ Россия томонига ҳам етказилган.

Баёнотда Россия “ёлғон маълумот тарқатишда давом этаётгани” айтилди ва Болтиқбўйи давлатларининг Украина билан тўлиқ бирдамлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Латвия Мудофаа вазирлиги Москванинг бу иддаоларини НАТОга нисбатан ишончсизлик уйғотишга қаратилган ахборот операцияси сифатида баҳолади.

Киритилди: Бугун 09:22. Ўқилди: 475 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!