Арманистон бош вазири Никол Пашинян "Трамп йўналиши" (TRIPP — Халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли) лойиҳаси доирасида АҚШ ҳарбийларининг жойлаштирилиши истисно этилишини маълум қилди.
"Биз Эроннинг қизил чизиқларини ҳурмат қиламиз. TRIPP лойиҳаси ушбу чегараларни ҳеч қандай шаклда бузмайди. Эрон билан доимий мулоқот олиб бормоқдамиз. Лойиҳа бўйича яширин жиҳатлар йўқ, барча маълумотлар очиқ. Албатта, ҳарбий иштирок истисно этилади. Бу ҳақда бир неча бор баёнот берганмиз", — деди Пашинян брифингда.
Октябрь ойи ўрталарида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Ереванда журналистларга Теҳрон Арманистонга ишонишини ва мазкур лойиҳа Эрон хавфсизлигига қарши қаратилмаган деб ҳисоблашини билдирганди.
23 ноябрь куни Никол Пашинян ва АҚШ президенти Дональд Трамп видеомурожаат орқали TRIPP лойиҳаси расман ишга туширилганини эълон қилди.
26 ноябрь куни эса Арманистон ҳукумати лойиҳа доирасида TRIPP Development Company (TDC) ёпиқ акциядорлик жамиятини ташкил этиш бўйича АҚШ билан акциядорлик битимини имзолаш тўғрисида қарор қабул қилди.