Москвада Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Россия маданият вазири Ольга Любимова ўртасида учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Айни кунларда Россия Федерациясида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Тадбирлар доирасида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси маданият бўйича қўмитанинг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Россия маданият вазири Ольга Любимова иштирок этди.
“Маданият бўйича қуйи қўмиталар йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани қувонарли, бу ҳар йили ҳамкорликдаги иш натижаларини сарҳисоб қилиш ва келажак режаларини конструктив муҳокама қилиш имконини беради. 2023 йил 22 май куни Тошкент шаҳрида қуйи қўмитанинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Шу вақт ичида маданиятнинг барча жабҳаларида кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширдик, ҳамкорлигимиз принципиал жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Ўрнатилган ижодий ҳамкорликни ишонч билан қайд этишимиз мумкин ва бу йил маданий мулоқотни қўллаб-қувватлаш йили бўлди”, – деди Любимова.
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди.
“Сўнгги йилларда Россия ва Ўзбекистоннинг маданият соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги янги сифат босқичига кўтарилди. Ишончимиз комилки, шу кунларда Москва шаҳрида ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” маданий ҳамкорлигимиз тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Замонавий дунёда, янги чақириқ ва талаблар пайдо бўлганда, маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш айниқса муҳимдир. Маданият ҳар қандай тарихий лаҳзада халқларга умид бахш этувчи омилдир. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш, икки томон учун қизиқарли бўлган қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга”, – деди Озодбек Назарбеков.
Учрашув якунида, Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи қўмитасининг тўртинчи мажлиси баённомаси имзоланди.
Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида турли маданий тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилган .Бугун, 19 ноябрь куни, Москвадаги Кремль давлат саройида “Вечер звёзд Узбекистана” номли ўзбек санъати усталари иштирокида концерт дастури намойиши бўлиб ўтади.