Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудаги халқаро аэропортда мамлакат телевидениесига интервью берди.
Унда Алиев самолёт Грознийдан ўққа тутилгани, бироқ Россия томони буни тан олмай, аксинча тафсилотларни яширишга уринганини таъкидлади.
"Биз учун яна бир ачинарли ва ҳайратланарли ҳолат шуки, Россия расмий идоралари самолёт бортида газ баллони портлаши ҳақида турли тахминларни ўртага ташлади. Бу Россия томонининг бу масалани ёпиб, яширмоқчи эканини яққол кўрсатди.
Шубҳасиз, самолётимиз тасодифан уриб туширилган. Бу ерда қасддан қилинган террор ҳаракати ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли, айбини тан олиш, дўст давлат ҳисобланган Озарбайжондан ўз вақтида узр сўраш ва бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилиш - булар қилиниши лозим бўлган чоралар эди. Афсуски, дастлабки уч кун давомида Россиядан айрим бемаъни назариялардан бошқа ҳеч нарса эшитмадик", – дейди Алиев.
Илҳом Алиев самолёт Грознийга қўнишга бир неча бор уринганда нима учун унга қўнишга рухсат берилмагани ва нега айнан яқин масофада жойлашган Минералние Води ёки Махачқалъа аэропортига эмас, Оқтоуга йўналтирилгани ҳам ўрганиб чиқилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, у Россиядан қуйидагиларни талаб қилди:
1️⃣ айбга расман иқрор бўлиш ва узр сўраш;
2️⃣ айбдорларни жазолаш;
3️⃣ Озарбайжон давлати ҳамда жабрланганларнинг оилаларига товон пули тўлаш.