Бу ҳақда Россия ҳукумати томонидан тузилган ҳужжатларга таяниб Politico хабар берди.
"2025 йил октябр ойида Россия президенти Владимир Путинга унинг “сичқони” бўлишга ва “арслон”га (Россияга) ёрдам беришга ваъда берган Венгрия бош вазири Виктор Орбан декабр ойига келиб ўз мамлакатини Кремлга янада маҳкамроқ боғлашга тайёргарланган", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг охирида Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада учрашиб, икки давлат ўртасида иқтисодий, савдо, энергетика, маданий ва спорт алоқаларини кенгайтириш бўйича 12 банддан иборат келишувни имзолаган.
Politico танишиб чиққан ҳужжатларда Россия ва Венгрия идоралари учун янги мажбуриятларни бажариш бўйича йўриқномалар мавжуд. Сийярто ва Лавров томонидан имзоланган келишув “икки томонлама савдодаги салбий динамикани ўзгартириш”га интилишни назарда тутади, Россия компанияларига Венгриянинг электр энергетикаси ва водород энергетикаси соҳасидаги янги лойиҳаларига йўл очади, шунингдек, нефт, газ ва ядро ёқилғиси соҳасида ҳамкорликни ўз ичига олади.