Эрон ҳукумати агар Исроил армияси Ливандаги нишонларга ҳужум қилишда давом этса, Қўшма Штатлар ва Исроил билан икки ҳафталик сулҳга содиқ қолиш мажбуриятини бажаришдан бош тортади.
Бу ҳақда Эроннинг Тасним ахборот агентлиги хабардор манбага асосланиб маълумот берди.
Агентлик манбасининг айтишича, АҚШ барча жабҳаларда, жумладан, Ливанда ҳам сулҳ тузишга рози бўлган. Бироқ, Тасним манбасининг таъкидлашича, Исроил «бугун эрталаб сулҳни очиқчасига бузиб, Ливанга шафқатсиз ҳужумлар уюштирди».
Аввалроқ АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилинганидан сўнг ҳам Форс кўрфази давлатларида ҳужумлар ҳақида хабарлар тарқалди. Эрон буни Лаван оролидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужумга жавоб дея баҳолади.