Доналд Трамп маъмурияти АҚШ Давлат департаменти бюджетини икки баравар қисқартиришни, дипломатлар ва элчихоналар сонини камайтиришни ҳамда БМТ ва NATO каби халқаро ташкилотларга молиявий ёрдамни тўхтатишни хоҳлайди, дея хабар бермоқда Reuters ва АP Қўшма Штатлар Маъмурий-бюжет бошқармасининг ҳужжатига таяниб.
Қайд этилишича, 2025 йил октябридан молиялаштиришни 50 фоизга ёки тахминан 30 миллиард долларга камайтириш режалаштирилган.
Associated Press маълумотларига кўра, бу ҳужжат ҳозирча режалаштириш бoсқичида бўлиб, Давлат департаменти ҳам, АҚШ Конгресси ҳам уни маъқулламаслиги мумкин.
"Молиялаштириш бўйича якуний қарорлар ҳали қабул қилинмаган", — дея маълум қилди бошқарма вакиласи агентликка.
Reuters'нинг хабар беришича, Оқ уй 10 та элчихона ва 17 та консулликни, асосан Африка ва Европадаги дипломатик ваколатхоналарни ёпишни таклиф қилмоқда. Қисқартиришлар фақат Давлат департаментигагина эмас, балки АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигига (USAID) ҳам тааллуқли бўлади. USAID'нинг функциялари Давлат департаментига топширилади.
AP'га кўра, ҳужжатда БМТ ва NATО'ни молиялаштиришни тўхтатиш, хориждаги ёрдам дастурларини икки баравар қисқартириш, соғлиқни сақлаш лойиҳалари учун маблағ ажратишни тўхтатиш режалаштирилган. Фақатгина ОИТС, сил ва безгак профилактикаси учун оз миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.