OPEK+ гуруҳига кирувчи 8 та давлат сентябр ойида нефт қазиб олишни суткасига 548 минг баррелга оширишга келишиб олди.
Ташкилот баёнотида айтилишича, бундай қарор “жаҳон иқтисодиёти истиқболларининг барқарорлиги ва ҳозирги ижобий бозор шароитлари, жумладан, нефт захираларининг паст даражада эканини ҳисобга олган ҳолда” қабул қилинган.
ОPEK сайтида эълон қилинган жадвалга кўра, Россия суткасига 9,449 миллион, Саудия Арабистони — 9,978 миллион, Ироқ — 4,220 миллион, БАА — 3,375 миллион, Қувайт — 2,548 миллион, Қозоғистон — 1,550 миллион, Жазоир — 959 минг ва Уммон — 801 минг баррелгача нефт қазиб олиши мумкин.
Bloomberg'нинг ёзишича, бу қарор ихтиёрий чекловлардан чиқишни дастлабки режалаштирилган муддатдан бир йил олдин якунлаш имконини беради (яъни суткасига 2,2 миллион баррел ҳажмидаги чекловлар).
Financial Times эса таҳлилчилар ҳозирги ёзги талабга қарамай, қишда хом нефтнинг ортиқча бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантираётганини қайд этди.