Бугун 23 январь, 2026 йил, жума

O'ZB

Онлайн иш ваъда қилиб, фуқаролардан миллионлаб пул ундирган фирибгарлар фош этилди

Онлайн иш ваъда қилиб, фуқаролардан миллионлаб пул ундирган фирибгарлар фош этилди

Улар 3,5 миллион сўм тўлов эвазига онлайн ишга қабул қилиниш ва ҳар ҳафта ҳақ олиш ваъдаси билан одамларни фирибгарлик схемасига жалб этишган.

Ўзбекистонда онлайн иш таклифлари орқали амалга оширилаётган навбатдаги фирибгарлик ҳолати фош этилди. Киберхавфсизлик марказининг UZCERT хизмати томонидан олиб борилган ўрганишлар ва фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида «Pioneer Global Media LTD» номи остида фаолият юритган фирибгарлар аниқланган.

Схема қандай ишлаган?

Маълум бўлишича, мазкур шахслар фуқароларга интернет орқали иш таклиф қилиш баҳонасида, гўёки ҳар ҳафта мунтазам даромад олиш мумкинлигини ваъда қилиб келган. Онлайн ишга қабул қилиш шарти сифатида эса камида 3 миллион 500 минг сўм миқдорида тўлов амалга ошириш талаб қилинган. Ушбу маблағлар алдов йўли билан ундирилгани аниқланган.

Ўрганишлар давомида республикадаги бир нечта вилоятларда Telegram мессенжерида «Pioneer Global Media LTD», қисқача PGM, номи остида махфий гуруҳлар ташкил этилгани маълум бўлган. Бу гуруҳларга фақат администраторлар томонидан тасдиқланган фойдаланувчиларгина қўшилиши мумкин бўлган.

Фирибгарлик схемасига кўра, тўловни амалга оширган шахсларга онлайн ишга қабул қилингани айтилган ва маълум топшириқларни бажарганидан сўнг ҳар ҳафта ҳақ тўлаб берилиши ваъда қилинган. Шу билан бирга, иштирокчиларга ўз танишларини таклиф қилиш орқали қўшимча даромад топиш имконияти таклиф этилган. Агар таклиф ҳаволаси орқали бошқа фуқаролар ҳам тўлов қилса, маблағнинг 10 фоизи мукофот сифатида ваъда қилинган.

«Мазкур ҳолатлар молиявий пирамида ва фирибгарлик аломатларига эга бўлиб, фуқаролардан бундай таклифларга ишонмаслик, шубҳали гуруҳлар ва шахсларга пул ўтказмаслик қатъий тавсия этилади», — дейилади хабарда.

Киритилди: 21:13 22.01.2026. Ўқилди: 169 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!