Олмаотада 20 ёшли тайбокс бўйича жаҳон чемпиони Серик Али ўлдириб кетилди.
Полиция ҳодисада гумонланувчини қўлга олди. У спортчининг таниши бўлиб чиқди. Терговчилар жиноят иши қўзғатди.
“Туман полиция бўлими томонидан 20 ёшли эркакни ўлдириш бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинчалик изоляторга жойлаштирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, танишлар ўртасида келишмовчилик юзага келиб, улардан бири пичоқ билан ҳужум қилган. Жиноят қуроли мусодара қилинди”, дея хабар берди Олмаота полиция бошқармаси “Курсив” нашрига.
Қозоғистон тайбокс федерацияси ҳам Серик Алининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
“Олмаотадан ёмон хабар келди. Тайбокс бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпиони Серик Али вафот этди. Чемпионимизнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади федерация хабарида.
Олти йил аввал Олмаотада яна бир спортчи ҳаётдан кўз юмган эди. Ўша пайтда икки эркак кундуз куни Lexus ГХ 460 автомобилининг ён ойналарини ўғирлашмоқчи бўлган. Аммо уларга машина эгаси – таниқли фигурали учувчи Денис Тен тўсқинлик қилган. Эркаклар ўртасида жанжал чиқиб, спортчига пичоқ билан ҳужум қилинган. Шу куннинг оқшомида, 25 ёшли Тен шифохонада вафот этган эди.