Иллинойс университети мутахассислари тажриба доирасида, келажакда тишларни кариесдан ҳимояловчи тиш ювиш пастаси яратиш имконини берадиган кимёвий асосни қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Бу ҳақда «Korrespondent.net»га таяниб “Dori-Darmon” АК Ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, тиш кариесининг ривожланишига оғиз бўшлиғидаги Streptococcus mutans бактериялар сабаб бўлади. Авваллари ушбу бактерияларни йўқ қилиш учун рух, мис оксиди ёки кумуш ишлатилган, аммо ушбу бирикмалар зарарли бактериялар билан бирга фойдалиларини ҳам йўқ қилган.
Олимлар ечим сифатида церий оксиди нанозаррачалари таркибига эътибор қаратган.
Аввалига улар микробларда қандай ўзгариш бўлишини кузатиш учун, озуқа эритмали полистрол пластинкаларини, S.mutans бактериялари билан қоплаган кейин церий оксиди нанозаррачаларини қўшган. Кузатиш давомида нанозаррачалар биоплёнканинг пайдо бўлишини 40 фоизга камайтириши ҳамда оғиз бўшлиғи ҳужайралари учун кам токсинли экани аниқланган.
Мутахассислар, мазкур заррачаларни, эмални мустаҳкамлайдиган фтор билан қўшиб, тишларни кариесдан ҳимоя қилувчи паста яратишни мўлжаллаган, дейилади хабарда.