АҚШнинг Бейлор тиббиёт коллежи олимлари сил касаллиги (ТБ) муваффақиятли даволангандан сўнг иммунитет тизимининг узоқ муддатли пасайишига сабаб бўлувчи механизмни аниқлади. Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган тадқиқот натижалари иммун тизимини тиклаш ва оғир инфекциялардан кейин ўлим хавфини камайтиришга янгича ёндашувни таклиф қилиши мумкин.
Олимларнинг аниқлашича, сепсис ва сил каби оғир инфекциялардан кейин иммунитет тизими организмни тўлақонли ҳимоя қилиш қобилиятини йўқотади. Бу ДНКдаги кимёвий белгилар — эпигенетик ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, улар иммун реакцияларнинг сусайишига олиб келади. Бунга таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири ДНК метилланиши ҳисобланади, у иммун ҳимоясига масъул бўлган генларни бостиради.
Ушбу жараёнларни ўрганиш учун жамоа бактериал маҳсулотлар ва Mycobacterium tuberculosis бактериялари таъсирига учраган иммун ҳужайралар билан тажрибалар ўтказди.
Бундай ҳужайралар иммун сигналларга чидамли бўлиб қолаверди, натижада ҳимоя реакциялари пасайди. Бундан ташқари, сил ва сепсис билан касалланган беморларда ДНК метилланиши билан боғлиқ бўлган уч карбон кислота цикли (ТCА) фаоллиги ошгани аниқланди.
Тажриба давомида сил касаллиги билан оғриган беморларга антибиотиклар билан стандарт даволанишдан ташқари TCA фаоллашувини тўхтатувчи эверолимус дори воситаси ҳам тайинланди. Ушбу дори ДНКдаги зарарли эпигенетик ўзгаришларни камайтиришга ёрдам берган, бу эса инфекциялардан сўнг иммунитет тизимини қайта тиклаш мумкинлигини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, касаллик бошланганидан олти ой ўтгач, эверолимус метилланиш белгиларини ҳам камайтирган, бу иммун функцияларнинг эпигенетик тикланиш салоҳиятидан далолат беради. Ушбу кашфиёт оғир инфекцияларни даволаш усулларини сезиларли даражада такомиллаштириши мумкин.