Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро конференсия ўтказилди.
Унда қайд этилишича, ҳозирга қадар хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 3 триллион сўм, имтиёзли банк кредитларидан 7 триллион сўм пул ажратилган.
Аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари бўйича жабрланган 29 минг 541 нафар хотин-қизнинг барчасига “ҳимоя ордери” расмийлаштирилган.
Зўравонларнинг 62 минг 347 нафарига чекловлар ўрнатилиб, профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган.
Ўз навбатида, ҳимоя ордерида белгиланган чекловларга риоя этмаган минг нафардан ортиқ шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддаси, 674 нафари бошқа моддалар асосида маъмурий жазога тортилган.
Келтирилишича, жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2 минг 12 жиноят иши кўрилган бўлиб, уларда 1,6 минг нафардан зиёд шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган.
Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганларнинг 80 фоизи ҳеч қаерда ишламайдиган шахслар бўлса, уларнинг 19 фоизини аёллар ташкил этади.
Жабрланган аёлларни уйдан чиқариб ҳайдаш орқали тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича 2 минг 71 даъво кўриб чиқилган бўлиб, шулардан 1,5 мингдан зиёди ёки 76 фоизи бўйича даъво қаноатлантирилиб, тарафни уйга киритиш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.
Шунингдек, алимент ундиришга доир 6 минг 585 ишнинг 5 минг 275 таси ёки 80 фоизи бўйича ариза талаблари қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, 8 минг 457 нафар хотин-қиз мурожаатлари бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 2,5 мингдан ортиғи қаноатлантирилган, 1 минг 877 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мазкур ўрганишлар натижасида қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан учта жиноят иши қўзғатилган, 114 протест, 101 тақдимнома, 96 огоҳлантирув тарзидаги прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 22,9 миллион сўм зарарлар ундирилган, 92 нафар мансабдор шахс интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган.