Бугун 24 октябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Оҳангаронда 23 та янги чарм саноат корхоналари барпо этилади

Оҳангаронда  23 та янги чарм саноат корхоналари барпо этилади

Оҳангарон туманида 15,7 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилди, унда 7 ташаббускор томонидан 23 та лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 31,5 млн доллар. Маҳаллий тадбиркорлар билан бир қаторда Россия, Хитой, Туркия компаниялари ўз лойиҳаларини амалга оширади.

Президентнинг “Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент ва Жиззах вилоятларида чарм-пойабзал кичик саноат зонаси ҳудудини кенгайтириш орқали, чармни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган чарм-пойабзал саноати кластерларини ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.

Шу сабабли Оҳангарон туманида 15,7 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилди, дея хабар бермоқда “Ўзчармсаноат” уюшмаси.

Шунингдек, чарм-саноат технопарки дирекцияси ташкил этилган. Расмий хабарга кўра, бугунги кунда мазкур кичик саноат зонасида 7 ташаббускор томонидан 23 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 31,5 млн долларни ташкил қилади

“Маҳаллий тадбиркорлар билан бир қаторда Россия, Хитой, Туркия компаниялари ушбу ҳудудда ўз лойиҳаларни амалга оширади.

Кичик саноат зонасида автоматлаштирилган кушхона, терини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот олишга ихтисослашган кластер, пойабзал ишлаб чиқариш корхоналари ва жунни қайта ишлаш заводлари жой эгаллайди”, - дейилади хабарда.

Уюшма айни вақтда Савдо-саноат палатаси, Халқ банки ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида кичик саноат зонасида сув тозалаш иншоотларини барпо этиш бўйича Хитой компаниялари билан музокаралар ўтказилаётганини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Президент қарори билан Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан саноат зонасига ёндош ҳудудлардан яна 20 гектар ер майдонини ажратиш ишлари бошланган.

Ер майдонлари ажратилгач аукционга қўйилади. Ҳозирда уюшма томонидан янги ташаббускорларнинг таклифлари ўрганиб чиқилмоқда.

Жиззах ва Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат зоналаридаги тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилади?

Президент қарори билан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида, шунингдек Оҳангарон туманида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зоналари ҳудудида қуриладиган ишлаб чиқариш бино-иншоотлари тадбиркорларга тўғридан тўғри 7 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ёки ижара асосида берилади.

Пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиз банддан юқори қисми, бироқ 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан компенсация қилиб берилади.

Хорижий брендларни жалб қилган пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “сорсинг” компаниялари учун сарфланган харажатнинг 30 минг АҚШ долларигача қисми қоплаб берилади.

Саноат зоналарида ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилади.

Киритилди: 11:54 09.07.2024. Ўқилди: 1109 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!