Россияда Путин ошпази номи билан машҳур олигарх Евгений Пригожинга яқин маслаҳатчилар Судан президенти Умар ал-Баширга ҳокимиятда қандай қолишни, халқ норозилигини қандай бостиришни ўргатиб турган. Досье маркази берган шу ҳақдаги маълумотларни МБХ Медиа ва CNN телеканали эълон қилган.
Пригожинга қарашли компания таҳлилчилари Судан президентига аҳолининг норозилик кайфиятини бостириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан.
Унда норозилик ҳаракати лидерларини қамоққа ташлаш, медиа эркини чеклаш, санкцияланмаган оммавий ҳаракатлар учун жазони кучайтириш каби тавсиялар ўрин олган.
Лекин энг қизиқ (ва даҳшатли) тавсиялар қуйдагилардир: биринчиси норозиликларга етакчи бўлганларни (ватан хоинларини) намойишкорона ва очиқчасига йўқ қилиш . Иккинчиси эса мародёрларни норози кайфиятдаги омманинг кўз ўнгида қатл этиш ва омманинг эътиборини бошқа томошабоп тадбирлар билан чалғитиш дир.
Рус маслаҳатчиларининг Африкадаги саргузаштлари нимани англатади: аввалроқ Bloomberg Евгений Пригожин билан боғлиқ сиёсий маслаҳатчилар ва ёлланма жангчилар Африканинг ўнта давлатида фаолият юритаётгани ҳақида маълумот берган.
Евгений Пригожин Владимир Путинга энг яқин олигархлардан бири ҳисобланади. У шунингдек Россия ҳарбий раҳбарияти билан яхши муносабатда. Вагнер хусусий ҳарбий компаниясини ва троллар фабрикаси сифатида машҳур Интернет тадқиқотлари фирмасини Пригожин номи билан боғлайдилар.
Вагнер ХҲК ҳам, троллар фабрикаси ҳам Россиянинг гибрид уруши концепциясида муҳим роль ўйнайди.
Хусусан, Вагнер ХҲК Сурия ва бошқа қайноқ нуқталар да рус ҳарбийларининг нозик топшириқларини бажаради. Троллар фабрикаси ҳам худди шундай нозик топшириқларни бажаради, фақат интернетда.
Manba: minbar.uz