Россия кучлари яқин кунларда Украинага юришни давом эттиради, бироқ АҚШ ҳарбийларининг сўнгги махфий ҳисоб-китобларига кўра, Украина мудофааси қулаши даргумон.
АҚШ расмийсининг NYT'га берган баҳосига кўра, Россия «9 майгача шарқ ва жануби-шарқда кичик ютуқларга эришишда» давом этади, бу Москва учун рамзий аҳамиятга эга.
Бироқ, расмийнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийларининг таҳлил натижаси шундан иборатки, «ўқ-дориларнинг кескин тақчиллигига қарамай, украиналик ҳарбийлар фронт чизиғида тор-мор бўлмайди».
NYT'нинг бошқа суҳбатдошлари Россиянинг 9 майгача жиддий ҳужум уюштириш учун етарли кучлари борлигига ишонмайди: «Бунинг учун америкалик расмийлар кутмаган кучларни сезиларли даражада ошириш керак бўлади».