"Бу таклиф Эрон ядровий дастурининг “тўлиқ тугатилиши” ташаббусига муқобил бўлиши мумкин", деб ёзмоқда газета Эроннинг тўрт нафар расмийларига таяниб.
The New York Times'нинг ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу ғояни Қўшма Штатлар президентининг махсус вакили Стив Уиткоффга 11 май куни Уммонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида таклиф қилган. Бироқ Уиткофф учрашувда бу масала кўтарилмаганини билдирган.
Режага кўра, консорциум таркибида Эрон билан бир қаторда Саудия Арабистони ва БАА ҳам бўлади. Келишув асосида Эрон уранни 3,67% даражасигача бойитиши мумкин, шундан сўнг у бошқа араб давлатларига фуқаролик эҳтиёжлари учун юборилади.
Бундай даражадаги бойитиш — ядро қуроли ишлаб чиқариш учун етарли бўлмаган даража ҳисобланиб, у 2015 йилда имзоланган Эрон ядровий битимида ҳам назарда тутилган. Аммо янги таклифнинг асосий фарқи шундаки, у хорижий давлатлар, жумладан Қўшма Штатлардан кузатувчиларни Эрон ядровий объектларига жойлаштиришни назарда тутади.
АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий келишув бўйича билвосита музокаралар 2025 йилнинг апрел ойида бошланган. Икки давлат ўртасидаги Эрон ядровий дастури борасидаги тортишувлар эса бир неча ўн йиллардан бери давом этмоқда.