Бугун 21 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Нуриддин Холиқназаров: "Дунёдаги энг ёмон дастурхон..."

A A A
Нуриддин Холиқназаров: "Дунёдаги энг ёмон дастурхон..."

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров бугунги синовли кунларда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзаётган саховатпеша одамлар ҳақида сўз юритиб, ушбу амаллари учун улар қандай савоб олиши ҳақида тўхталиб ўтди.

“Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси 261-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”. Бу ерда қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилиняпти.

Аллоҳ буни бизга мисол келтириб айтяптики, агар сизлар менинг йўлимда, яъни Аллоҳ йўлида бир сўм сарфласангиз, мен буни етти юз маротаба қилиб сизларга қайтараман деяпти. Бу ваъдани Аллоҳ беряпти. Қандай қилиб мўмин-мусулмон бўла туриб, Аллоҳнинг ваъдасини инкор қилиш мумкин?!», дейди Нуриддин Холиқназаров сахий кишилар ҳақида тўхталиб.

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг айтишича, камбағал-мискинларга ёрдам қилиб, унинг савобини ота-онасининг ҳаққига бағишлаш энг улуғ амаллардан бири ҳисобланади.
“Бир тадбиркор биродаримиз мендан сўраб қолди. Бир ажиб гап айтди-да, кўпчиликда бу нарса бор. Бу дунё бир кам дунё экан, қачон пули кўпайиб, иши юришиб ҳамма ёғи яхши бўлганда афсуски ота-она оламдан ўтиб қолади. Кўпчиликда шу армон бор. “Домла, давлатим кўпайди, орзу қилган ҳамма нарсам бор, лекин афсуски онам йўқлар. Ҳозир ҳаёт бўлганларида жоним фидо эди. Уларга яхшилик қилиш учун нима қилсам бўлади?”, деб кўп сўрашади. Ана ўшаларга пайғамбаримиз берган жавобни айтаман.

“Бир саҳоба келиб, йиғлаб туриб айтдики: “Ё, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен онамни шунақа яхши кўраманки, хизматларини қилишдан роҳатланардим, лекин оламдан ўтиб қолдилар. Нима қилсам яна хизматларини қилган бўламан?”, деганларида: “Онанг номидан битта қудуқ қазитгин, ўша қудуқнинг сувидан ҳамма фойдаланадиган қилиб қўйгинки, савоби онангга ёзилаверади. Шу йўл билан онангга хизмат қилган бўласан”, деган эканлар. Имом Бухорийда келади бу ҳадис. Саҳиҳ ҳадислардан бири. Оиша онамиз ривоят қилганлар. Саҳоба қудуқ қаздирди ва уни инсонларга ҳадя қилди.

Бугун тадбиркорларимиз битта ё ўнта камбағалнинг оиласини боқсинлар, йигирмата оиланинг таъминотини қилсинлар. Аллоҳ йўлида эҳсон қилиб, уйга кириб қўлингизни дуога очиб сўранг: “Мен бугунги қилган амалларимнинг савобини марҳума онамнинг ёки отамнинг дафтарига ёзиб қўй!” дейдиган бўлсангиз, қиёматда, яъни энг даҳшатли кунда ўзининг юзлаб камбағалларга қилган савобини кўргандаги ҳолатини бир тасаввур қилинг», дейди бош хатиб.

Нуриддин Холиқназаров, шунингдек, исрофгарчилик ҳақида ҳам тўхталиб, мусулмонларни исроф қилишдан, карантин шароитида оммавий ифторлик маросимларини ташкиллаштиришдан қайтарди. Бундай маросимларга кетадиган пулни муҳтожларга эҳсон қилишга даъват қилди.

«Халқимиз бошидан урушларни, очарчиликларни ўтказган. Лекин ҳеч қачон қўшнисини ташлаб қўйган халқ эмас. Ҳатто бошқа миллат бўлса ҳам. Бугун эса биз битта миллатмиз. Битта кемада кетаётган одамлармиз. Агар бугунги синовли кунларда давлатимизга, халқимизга елкадош бўлмасак, бугун мусулмон фарзанди деган номимизни оқламаган бўламиз.

Ҳаммага илтимос қиляпмиз. Келинг, бу йил оммавий ифторлик маросимларини қилмайлик, унинг пулини эҳсон қилайлик. Мен бадавлат инсонлардан илтимос қиламан. Агар ўтган, ундан олдинги йиллардаги ифторлик ва бошқа маросимларни кўз олдимизга келтирсак, бугун уяламиз. Қанча исроф бўлган, қанча дабдаба бўлган. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг битта гўзал ҳадислари бор. “Дунёдаги энг ёмон дастурхон бу қорни тўқлар учун ёзилиб, қорни очлар чақирилмайдиган дастурхондир”, деганлар сарвари коинот. Аксар дастурхонларимизда доим қорни тўқлар бўлди, Шунинг учун бугун биз ўша хатоларимизни тўғрилаб, Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилишимиз жоиз. Эҳсон қилиш учун тадбиркор ёки бой-бадавлат бўлиш шартмас аслида. Пайғамбаримиз яримта хурмо билан бўлса-да, эҳсон қилинг деганлар. Бугун нима қўлимиздан келса, шуни эҳсон қилсак, иншооллоҳ, бизга тушириб қўйилган дарахтнинг шохини ушлаб, жаннат томон интилган бўламиз. Аллоҳ бу кунларни биздан бартараф қилсин», дея қўшимча қилди у.

Манба: azon.uz

Киритилди: 15:02 24.04.2020. Ўқилди: 5743 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!