Ушбу алимент учун тўланган сумма ҳозирча энг йирик миқдордаги тўлов бўлиб қолмоқда.
Нукус шаҳрида фуқаро 1 нафар фарзанди учун 2,2 млрд сўмлик алимент маблағини тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Б.дан унинг собиқ турмуш ўртоғининг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун у вояга етгунига қадар алимент ундириш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган бўлиб, бўлим давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларига олиб борилган.
Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимига келиб, фарзанди 18 ёшгача тўлгунга қадар тўлаши лозим бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаш истагини билдирган.
Шунда давлат ижроси томонидан қарздорга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 808-сонли қарорига мувофиқ фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаши мумкинлиги тушунтирилган ва келгуси 13 (ун уч) йил давомида тўлаши лозим бўлган алимент пуллари ҳисоблаб чиқилган бўлиб, у 2 миллиард 270 миллион 812 минг сўмни ташкил этган.
Шундан кейин ундирувчи МИБ Нукус шаҳар бўлимига келиб, ҳисоблаб чиқилган 2 млрд. сўмдан ортиқ алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғидан олганлигини маълум қилган ва бу тилхат тақдим қилган.
Маълумот учун: ушбу алимент учун тўланган сумма Бюро тарихида ҳозирча энг йирик миқдордаги тўлов бўлиб қолмоқда.