Гуандун провинциясида 715 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.
Хитойнинг жанубидаги Гуандун провинциясида «Ноул» тайфуни зарбаси сабабли 715 мингдан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Global Times газетаси ёзишича, тайфун Хуэйдун уезди соҳилларига келиб урилган.
Табиий офат оқибатида минтақада транспорт қатнови жиддий издан чиққан. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли кўплаб темир йўл қатновлари бекор қилинган, авиация ҳаракатида ҳам кечикишлар юзага келган.
Вазиятнинг ёмонлашиши муносабати билан Хитой ҳукумати фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш даражасини оширди. Фуқароларга зарурат бўлмаса сафарларга чиқмаслик, расмий огоҳлантиришларни кузатиб бориш ҳамда кўчки, дарёларнинг тошиши ва сув тошқинлари хавфи сабаб эҳтиёткор бўлиш тавсия этилди.
Хитой Миллий метеорология маркази маълумотига кўра, қуруқликка чиққанидан сўнг «Ноул» тайфуни мамлакат ичкариси томон ҳаракатланишда давом этади. Кучли ёмғирлар камида 28 июлга қадар сақланиши кутилмоқда.