Кеча тунда Суриянинг марказий қисмида жойлашган Хомс вилоятининг ғарбий қисмида бир қатор ҳаво ҳужумлари уюштирилди.
Бу ҳақда Туркиянинг "Анадолу" агентлиги шанба куни ёзган.
Зарбалар маҳаллий вақт билан 3:35 атрофида Жубания, Наем ва Хуз туманларидаги бир қанча стратегик нишонларга берилган. Самолётлар кимга тегишли эканлиги ҳозирча аниқланмаган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳужумлар кўприклар, ҳарбий штаблар ва автомобиль карвонларини нишонга олган. Бу ҳудудлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар томонидан Суриядан Ливанга ҳарбий техника ва жангчиларни ўтказиш учун фойдаланилади, деб ёзади агентлик.
Таъкидланишича, ҳукумат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужумчи самолётни қайтаришга уриниб кўрмади.
Гувоҳлар портлашлар натижасида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида хабар беришмоқда, бироқ аниқ рақамлар ҳали эълон қилинмаган.
Аввалроқ Сурияда Эрон қўллаб-қувватлаган кучларга қарши зарбалар берган Исроил ҳам, президент Баш Асад ҳукумати ҳам ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бергани йўқ. Шу билан бирга, ҳукуматга яқин манбалар Ҳизбуллоҳ ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган бошқа гуруҳлар фаол бўлган ғарбий Ҳомсда “кучли портлашлар” содир бўлганини тасдиқлади.