Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

«Нодира Қодировани ўлдиришган деган гапларнинг ҳаммаси ёлғон» – Туркия ички ишлар вазири

«Нодира Қодировани ўлдиришган деган гапларнинг ҳаммаси ёлғон» – Туркия ички ишлар вазири

Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу чоршанба куни CNN Türk телеканалида чиқиш қилиб, журналистлар саволларига жавоб берди. Дастурда бир нечта мавзулар қаторида Нодира Қодирова иши бўйича ҳам савол берилди.

Эслатиб ўтамиз, 1996 йилда туғилган жиззахлик Нодира Қодирова 23 сентябрь оқшомида Туркия парламентарийси Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида рўй берган номаълум ҳодиса оқибатида вафот этган эди. У депутатнинг хонадонида тахминан бир йилдан буён оқсоч бўлиб ишлаб келган.

«Ҳаммамизнинг ҳам уйимизда хизматчилар ишлаши мумкин. Масалан, менинг уйимда ҳам оқсочлар бор. Ҳозир хонадонимда шунга ўхшаш нарса рўй беришидан қўрқиб қолганман. Аллоҳ сақласин!

Бу жараёнга жамоатчилик ёки баъзи доиралар томонидан бошқача тус беришга уринишлар бўляпти. Мен бу воқеани имкон қадар кузатиб боряпман. Ҳодиса рўй берганидан 5 дақиқа ўтиб менга хабар етиб келган, мен зудлик билан Анқара полицияси бошлиғини жўнатган эдим. Полиция бошлиғи 9 дақиқада у ерга етиб борган, унинг ортидан тез тиббий ёрдам келган. Улар қулфлоғлиқ эшикни очиб киришган.

«У ўзини ўлдирмаган, уни ўлдиришган» деган гаплар юрибди. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Шов-шувларнинг ҳаммаси депутатнинг исми билан боғлиқ.

Бу ерда адолатни қарор топтиришдан ҳам ташқари виждон ва инсонийлик масъулияти ҳам бор. Жиноят эҳтимоли бўлган барча ҳолатларда қандай йўл тутилса, бу вазиятда ҳам худди шундай қилинган. Прокуратура тегишли баёнот билан чиқди. Суд-тиббий экспертизаси ҳам қилинган, тегишли намуналар олинган.

Бу каби ҳолатларда ОАВнинг баъзи қисми тушкун аҳволда қолган оилаларга босим ўтказади. Кўриб турибман, Қодированинг оила аъзолари айни мана шу ҳиссиёт таъсирида фикр билдиряпти. Ишонинг, айни пайтда барча ҳуқуқий жараёнлар талаб даражасида кетмоқда», деган вазирнинг сўзларини келтирди «Жумҳурият» нашри.

Қодирова оиласининг адвокати ишни топширди

Туркия Аввало аёллар ва болалар ассоциацияси раҳбари, ҳуқуқшунос Мужде Тозбей-Эрден мазкур иш доирасида Нодира Қодирова оиласининг адвокати бўлишдан воз кечганини эълон қилди.

Мужде Тозбей-Эрден 25 сентябрдан бошлаб, яъни фожидан икки кун ўтиб Қодирова оиласи томонидан адвокат сифатида иш бошлаган эди. Прокуратура марҳум ва унинг дугонасини фоҳишаликда гумон қилаётгани маълум бўлгач, адвокат ОАВда чиқиш қилиб: «Улар Нодира Қодировани фоҳишаликда айблаш орқали ўзларини оқлаб олишмоқчи», деб фикр билдирганди.

«Одатда, аёл киши вафот этган ҳолатларда ўлим ўз жонига қасд қилиш оқибатида рўй берганми ёки йўқ, деган саволга суд-тиббий экспертизаси хулосасига таяниб прокуратура жавоб берарди. Қодированинг суициди билан боғлиқ ҳолатда эса буни полиция департаменти эълон қилгани дастлабки гумонларни келтириб чиқаряпти», – дея қайд этганди у.

Аммо маълум бўлишича, Тозбей-Эрден эндиликда бу иш билан шуғулланмайди. Бу қарорини у марҳумнинг оила аъзолари билан фикрлари бир жойдан чиқмагани билан изоҳлади.

«Нодиранинг дўстлари, ОАВ ва жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши билан биз ишнинг ёпди-ёпди қилинишига тўсқинлик қилиб келдик. Лекин ҳозирги вақтга келиб, Нодиранинг оиласи билан нуқтайи назаримиз турлича бўлгани сабабли бу ишдан оиланинг адвокати сифатида истеъфо беришимиз керак, деган қарорга келдик.

Биз Нодира ва тақдири унга ўхшаш аёллар ҳуқуқлари учун курашимизни давом эттирамиз», – деди Аввало аёллар ва болалар ассоциацияси раҳбари.

Қайд этиш керак, бундан олдин матбуотда Қодированинг оиласи «қаттиқ қўрқиб қолгани» ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Жумладан, Нодиранинг акаси Муҳаммад Али сўнгги интервьюларидан бирида: «Яқин-яқингача менда қўрқув бор эди, лекин энди қўрқмайман», деб таъкидлаганди.

Янги адвокат «муҳим гувоҳлик кўрсатмалари» борлиги ва оилага босим бўлаётганини айтмоқда

Ушбу иш юзасидан эндиликда адвокат Бирол Ўзтурк ўзбекистонлик оила томонида туриб шуғуллана бошлаши кутилмоқда. Ҳозирча у расман бу ишга киришиш учун адвокатлик ваколатини олганича йўқ.

Ўзтуркнинг «Bir Kun» нашрига маълум қилишича, ишнинг боришида «жиддий силжиш ва гувоҳларнинг кўрсатмалари» бор. Лекин у ишга киришиши учун расмиятчилик жараёни чўзилиб кетмоқда.

«Мижозим ҳафталардан буён мен ваколат ишончномасини олишим учун ҳаракат қиляпти. Мен ҳамон иш бўйича ҳужжатларни олиш имконига эга эмасман. Ҳужжатларни олгач, батафсил тушунтириш бераман», дейди у.

Адвокат, шунингдек, Қодирова оиласига босим бўлаётганини ҳам айтган.

«Оила тушкун кайфиятда, уларга жуда кўп телефон бўлаётганини айтишяпти. Акаси билан гаплашганимда унга кўп босим бўлаётганини айтди. Менимча, жасад билан бирга Ўзбекистонга борган Уналнинг ҳайдовчисига ҳам босим ўтказишган.

Воқеа юзасидан жуда жуддий тахминларимиз ва гувоҳларимиз бор. Бу гувоҳларнинг кўрсатмалари муҳим аҳамиятга эга», деди адвокат Бирол Ўзтурк.

Нодиранинг акаси видеомурожаат орқали ишни ёпиб юбормасликни сўради

Қодированинг акаси Муҳаммад Али Ўзбекистондан туриб «Bir Kun»га йўллаган видеомурожаатида журналистлардан ишнинг ёпилиб кетишига йўл қўймасликларини илтимос қилиб сўраган.

«Бу ерда онам қайғудан ўлиб қолиши мумкин. Онамнинг аҳволи оғир, дорилар билан ёнида бўлиб турибман. Сизлардан иш ёпилиб кетмаслигини сўраб қоламан», – дейди у видеомурожаатда.

Қайд этиш керак, ОАВда депутат Ширин Унал иш бўйича 9 кундан кейин кўрсатма берган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар бор. Айни пайтда, бошқа манбаларда истеъфодаги генерал воқеа рўй берган куннинг ўзидаёқ бош прокурор ўринбосарини уйига чақириб, ҳодисани тушунтиргани айтиляпти.

Эслатиб ўтамиз, Анқара шаҳар бош прокурори Юксел Кожаман Kun.uz`га берган изоҳида айрим нашрлар ҳодисани «жуда бўрттириб ёритаётгани», бу орқали баъзилар, жумладан мухолифат ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясини обрўсизлантиришга уринаётган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Анқара прокуратураси раҳбари ҳам, Туркия Ички ишлар вазири қайд этганидек, полиция ходимлари борган пайтда хона эшиги қулф бўлганига урғу берган эди.

Киритилди: 20:18 10.10.2019. Ўқилди: 3190 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!