Бугун 10 январь, 2025 йил, жума

O'ZB

Никоҳ шартномаси – оила мустаҳкамлигининг гарови

Никоҳ шартномаси – оила мустаҳкамлигининг гарови

Маълумки, оилавий муносабатларда никоҳ алоҳида ўрин тутади, бинобарин эркак билан аёл ўртасидаги никоҳ оила асосини ташкил этади. Никоҳ эр-хотиннинг ўзаро аҳдлашуви, иттифоқ сифатида муайян шартларга риоя қилиниб тузилади. Бундай шартлар никоҳнинг қонунийлигини, никоҳланувчиларнинг эрк-иродаси ифодаланганлигини, ўзига хос биологик оқибатлар билан боғлиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эркак ва аёл оила қурар экан, улар ўз зиммасига муайян мажбуриятларни оладилар. Улар ўртасида вужудга келадиган мулкий масалалар қонун билан ҳам, шартнома билан ҳам тартибга солиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан оилавий муносабатларда эр ва хотин баб-баравар шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эгадир. Тенг ҳуқуқдан фойдаланиш билан улар зиммасида мажбуриятлар баб-баравар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 29-моддасида никоҳ шартномасига қуйидаги тариф берилган: никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 30-моддасида никоҳ шартномасини тузиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Кодекснинг 31-моддасида никоҳ шартномасининг мазмунига қўйилган талаблар кўрсатилган бўлиб, унга кўра эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (ушбу Кодекснинг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли. Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин. Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.

Кодекснинг 32-моддасида никоҳ шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади. Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.

Никоҳ шартномаси кўпинча муддатсиз тузилади. Маълум вақт ўтгач ёки исталган вақтда эр-хотин келишиб, унга ўзгартириш киритишлари, уни бекор қилишлари мумкин. Уни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Одатда, тарафлардан бири маълум сабабга кўра шартномани бажаролмаса, уни ўзгартириш ёки бекор қилишни таклиф этиши керак. Келишув орқали шартнома нотариал тартибда, акс ҳолда, суд орқали бекор қилинади.

Кодекснинг 33-моддасига кўра, никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Демак ушбу моддага асосан, никоҳ шартномасининг ҳақиқий эмас деб топилишига унинг қонун талабларига риоя қилмай тузилгани асос бўлади. Ҳақиқий эмас деб топилганда никоҳ шартномаси ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат туғдирмайди ва тарафлар мулкий муносабатда дастлабки ҳолатга қайтадилар.

Хулоса қилиб айтганда, никоҳ шартномаси оиланинг мустаҳкам таянчи сифатида хизмат қилади.

Ойбек Жиянов,

ФИБ Риштон туманлараро

судининг судьяси

Киритилди: 09:07 27.01.2022. Ўқилди: 3060 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!